ЖЧ–2018 саралаши. Ўзбекистон – Жанубий Корея учрашуви превьюси
<p> </p>
ЖЧ–2018 турнирига саралаш босқичи сўнги – 10-турида Ўзбекистон терма жамоаси Жанубий Корея футболчиларига қарши баҳс олиб боради. ЖЧ йўлланмаси ҳал бўладиган мазкур учрашув олдидан ЎФФ матбуот хизмати жамоалар ўртасидаги ўйинлар статистикаси, йўқотишлар ва учрашув расмийлари ҳақида маълумот беради.
Ўзбекистон – Жанубий Корея учрашуви бугун, 5 сентябрь куни Тошкентдаги “Бунёдкор” стадионида бўлиб ўтади. Беллашув маҳаллий вақт билан соат 20:00 да бошланади.
Ўзаро учрашувлар
Жамоалар бугунги кунга қадар 14 учрашувда тўқнаш келган. Ўзбекистон термаси атиги 1 марта, 1994 йилги Осиё ўйинлари ярим финалида кореяликларни мағлубиятга (1:0) учратишга муваффақ бўлганди. Ўшанда жамоалар биринчи бор бир-бирига рўбаро келганди.
Жанубий Корея термаси 14 учрашувдан 10 тасида зафар қучган бўлса, 3 ўйинда дуранг қайд этилган. Қуйида жамоалар ўртасидаги охирги 5 ўйинда қайд этилган натижалар билан танишинг.
11.09.2012 Ўзбекистон – Жанубий Корея 2:2 | ЖЧ–2014 саралаши
11.06.2013 Жанубий Корея – Ўзбекистон 1:0 | ЖЧ–2014 саралаши
22.01.2015 Жанубий Корея – Ўзбекистон 2:0 | Осиё Кубоги–2015, чорак финал
27.03.2015 Жанубий Корея – Ўзбекистон 1:1 | Ўртоқлик ўйини
15.11.2016 Жанубий Корея – Ўзбекистон 2:1 | ЖЧ–2018 саралаши
Жамоалар ўртасидаги сўнгги баҳсда Жанубий Корея ЖЧ–2018 саралаши доирасида ўз майдонида Ўзбекистонни 2:1 ҳисобида мағлубиятга учратгади.
Йўқотишлар
Ўзбекистон терма жамоаси сафида Марат Бикмаев бўлажак ўйинда майдонга туша олмайди. “Локомотив” аъзосининг сариқ карточкалари тўпланиб қолганлиги боис у дисквалификацияга учради.
Жанубий Корея термаси сафида катта эҳтимол билан “Суонси” ярим ҳимоячиси Ки Сон Ён майдонга туша олмайди. 28 ёшли футболчи жароҳатидан бутунлай тикланиб улгурмаган.
Учрашув расмийлари
Сингапурлик Муҳаммад Тақи ал-Жаъфарий бин Жаҳарий бош ҳаками бўлиб ишлайди. Унга қанотларда ҳамюртлари Тзу Лианг Ли ва Мин Киат Ронни Ко ёрдам беради. Тўртинчи ҳакам вазифасини Ху Чуан Фу бажаради.
Ҳакамлар назоратчиси этиб баҳрайнлик Жасим Муҳаммад Маҳмуд Абдулкарим тайинланди. Учрашув комиссари – Салмон Муҳаммад Намшан (Саудия Арабистони).
Гуруҳдаги вазият
ЖЧ–2018 турнирига саралаш босқичи 9-туридан кейин ЖЧга йўлланма олган Эрон ҳисобида 21 очко мавжуд. Иккинчи поғонада бораётган Жанубий Корея ҳисобида 14 очко бор. Сурия 12 очко ва +1 кўрсаткич билан учинчи ўридан жой олди. Ўзбекистон термаси 12 очко ва -1 тўплар нисбати билан 4-ўринда бормоқда. Гуруҳда 5–6 ўринларни мос равишда Хитой (9 очко) ва Қатар (7 очко) эгаллаган.
№ Жамоа Ўйин Ғалаба Дуранг Мағлубият Т-Н Очко
1 Эрон 9 6 3 0 8-0 21
2 Жанубий Корея 9 4 2 3 11-10 14
3 Сурия 9 3 3 3 7-6 12
4 Ўзбекистон 9 4 0 5 6-7 12
5 Хитой 9 2 3 4 6-9 9
6 Қатар 9 2 1 6 7-13 7
“А” гуруҳи 10-турнинг қолган ўйинлари
Юқорида таъкидланганидек, саралаш босқичининг сўнгги турида Ўзбекистон термаси ўз майдонида Жанубий Кореяни қабул қилади. Қатар ўз уйида Хитойга қарши баҳс олиб борса, Сурия Теҳронда Эрон билан куч синашади. Барча ўйинлар бир вақтда бошланади.
ЖЧ–2018 саралаши
“А” гуруҳи, 10-тур
20:00 Ўзбекистон – Жанубий Корея
20:00 Қатар – Хитой
20:00 Эрон – Сурия
Изоҳ: Учрашув соатлари Тошкент вақти билан кўрсатилган.
Муҳтарам мухлис! Биламиз, бугун кўнглингизга ортиқча гап-сўз сиғмайди. Хаёлингизда оқшомги ўйин. Балки фантазиянгизда вакилларимиз рақиб дарвозасига кетма-кет гол уриб, сўнгги тур «сенцасия»сини нишонлашаётгандир. Бўлиши, юз бериши мумкин ҳодиса бу. Йўқ, «Хаёлдами?» деб истеҳзоли кулимсираманг.
Ширин фантазиянгиз реал ҳаётга кўчиши ҳеч гап эмас. Нима, «қизил фурия» кучли ҳимоя қўрғонига ва Жанлуижи Буффондек қоя киперга эга Италия терма жамоаси дарвозасига жавобсиз 3та тўп йўллаганда, бизнинг футболчилар корейсларга қарши кечадиган ҳал қилувчи, ўта муҳим учрашувда бу ишни амалга оширолмайдиларми?
Уддалашади, аниқроғи, йирик ҳисобда ғалаба қозониш учун асос ҳам, имкон ҳам мавжуд. Фақат яна бир нарса талаб этилади - ҳаддан зиёд кучли иштиёқ. Узр, иштиёқ ҳақида сўз очиб, кайфиятингизни буздик.
Чунки ҳар сафар мағлубиятдан сўнг йигитларимизда уйғонадиган иштиёқ ҳаммамизга маълум. Улар «Ғалаба учун майдонда жон беришга тайёрман, акс ҳолда, футболни йиғиштираман!» қабилидаги умидбахш ваъдалар эвазига мухлисларда кейинги ўйинга нисбатан иштиёқ уйғотишмоқда...
Очиғи, мухлисларга руҳий таъсир ўтказишга уста бўлиб кетишди айрим футболчилар. Айниқса, Игорь Сергеев. Назаримизда, у «Айтилган сўз - отилган ўқ» мақолидан мутлақо бехабар, чоғи. Одил, Азиз, Ислом каби тажрибали футболчилар бу мақол аҳамиятини тушунтириб қўйишса яхши бўларди.
Газетамиз саҳифаларида «Ғалаба учун майдонда жон беришга тайёрман!» дея айнан Игорь тушмагур баёнот берганди. Истиқлол байрами ва Қурбон ҳайити арафасидаги аламли ўйинда эса унинг сўзлари шунчаки, қуруқ ваъда, мухлисларга вақтинча ёлғон юпанч эканлиги ўз исботини топди. Хуллас, футболчиларимизда ўйиндан аввал ёки кейин уйғонадиган иштиёқ хусусида бежиз сўзламаяпмиз. Бундай мағзи пуч юпанчларга энди ҳеч бир мухлис ишонмайди.
Зеро, ҳақиқий иштиёқ футболчида айни ўйин чоғи уйғонади ва уни 90 дақиқа ғалаба йўлида тинимсиз ҳаракатланишга ундайди. Агар бугун оқшомда футболчиларимиз қалбида шундай иштиёқ гулхани ловулласа, миллий жамоамиз «қизил фурия» ишини такрорлашига ишонсак бўлади. Сезиб турибсизки, ишончнинг шарти - биз назарда тутаётган барча имконларни юзага чиқарадиган том маънодаги иштиёқ!
Бундай портлаш эффектини бокс бўйича Гамбургда ўтказилган жаҳон чемпионати финалида Шаҳрам Ғиёсов ҳаракатларида кўрдик. Олтин медаллар йўли бўлган жанглардаги воқеалари ривожи ҳаммамизга маълум. Сўнгги умид Шаҳрамнинг шижоати, шашти ва шиддатига боғлиқ бўлиб қолди. Ўша шашт, ўша шижоат, ўша шиддат финалда Шаҳрамнинг бутун вужудини чулғаб олди гўё. У чемпионлик унвонини, олтин медални ўйламади бу принципиал баҳсда.
Шунчаки, кубалик Иглесиасни Бектемир учун, Ҳасанбой учун, миллий жамоамиз мағлубиятидан сўнг қалбларида алам ўти ёнаётган футбол мухлислари учун аёвсиз савалади. Шаҳрамнинг адолатсизликка чидамаган ва қувватга айланган исёни муштларига тўпланиб, Иглесиасга зарба бўлиб ёғилаверди. Шерюрак боксчимиз бутун Ўзбекистон нигоҳи ўзига қаратилганини ҳис қилди ва жонажон ВАТАНИ учун шон-шараф, ҳаёт-мамот жангини ўтказди.
Ҳал қилувчи паллада барча имкони ва қудратини намойиш этишга қодир бундай ўғлони бор юртнинг юки ҳеч қачон ерда қолмайди. Эътибор беринг, Ўзбекистон, Қозоғистон ва Озарбайжон термалари халқаро бокс федерациясининг энг нуфузли турнири - жаҳон чемпионати етакчиларига айланди.
Бу рўйхатда АҚШ, Европа вакиллари ёки Россия йўқ. Ўзбекистон бокси - етакчилар байроқдори. Офарин! Етакчи деганнинг иши шунақа бўлади. У шоҳсупадан тушишни хоҳламайдиганларни нари суради ва ўзининг шон-шавкати учун йўл очади. Афсуски, Осиё футболида бунинг акси кўзга ташланади.
Қитъамиз футболи етакчилари фақат шу муҳитдагина савлат тўкишади. Ҳаттоки, Япония ва Ж.Корея терма жамоалари ҳам еврофутбол қошида тиз чўкишади. Ҳа, вакилларимиз еврофутбол қаршисида қалтирайдиган терма жамоани енгиш ҳақида бош қотиришмоқда. Ҳолбуки, бош қотириш уят. Улар, ана, боксчиларимиздан ўрнак олишсин.
Хўш, мамлакатимизда Шаҳрам каби бутун борлиғини ғалабага бахш айлайдиган 11 нафар футболчи топилмайдими? Топилади! Ҳамма гап ўша 11 нафар мард ўғлонни топиш ва бош жамоамизга жалб қила билишда. Иш шунинг ўзи билан битмайди. Испания ва Италия терма жамоалари ўртасидаги учрашувнинг 6-дақиқасида Серхио Рамос жарима зарбаси тепди.
Тўп мўлжалдан ноаниқ кетди. Энг қизиғи, орадан ҳеч қанча ўтмай, айнан ўша нуқтадан яна жарима зарбаси йўллаш имкони туғилди. Лекин Рамос бу сафар «стандарт»га яқинлашмади. Демак, у «Биринчи сафар сал адашдим, энди хато такрорланмайди» қабилидаги фикрдан йироқ.
Айрим футболчиларимиздан фарқли ўлароқ, Серхио майдон демократиясига мойил. Хуллас, зарба йўллашга Андрес Иньеста, Давид Сильва ва Иско ҳозирланишди. Аммо Иньеста ва Сильва каби таниқли футболчилар Искога жой бўшатишди. У эса жамоадошлари ишончини оқлади, ҳақиқатан, етук спорт формасида эканлигини исботлади.
Аёнки, Иско аввалдан жарима зарбасини йўллашга ҳозирланиб юрган ва шу боис, бу ишни қойилмақом даражада уддалади. Бизни қойил қолдирган жиҳат - Иньеста ва Сильванинг унга йўл беришгани. Ёшлик ғайрати ва тараққиётни тан олиш дейилади бу ҳолат. Терма жамоамизда эса масъулиятли вазифалар ҳамон бир-икки тажрибали футболчи зиммасида.
Наинки, бош мураббий, балки ўша тажрибали ижрочиларимизда ҳам аслида мардлик хислати етишмайди. Улар «Сардор, Жамшид, асдойдил шуғулланинглар! Жарима зарбаларини бундан кейин икковингиз тепасизлар!» дейишганмикан бирор марта? Йўқ, айтишмаган, бизнингча. Негаки, айтилган фикр майдонда ўз исботини топсагина қадрлидир.
Саша 50 ёшида ҳам жарима зарбасини маҳорат билан ижро этаверади. Лекин бу ҳол унга ҳамиша ишонч билдириш ҳуқуқини бермайди. Бунақада футболимиз ривожланмайди. Ана, 17 ёшли Бенжамин Вудберн Уэльс термасига ғалаба келтирган ягона гол муаллифига айланди. У келажакда етук футболчи бўладими ёки йўқ - буниси номаълум. Энг муҳими, унга терма жамоасидан жой ажратилди.
Самвел Бабаян учун эса Игорь Сергеев дейлик, Жавоҳир Сиддиқовдан афзал, Сервер Жепаровнинг тажрибаси Жамшид Искандеровдаги шижоатдан устун. У - «оғир» машинада юриш тарафдори. Шунинг учун ҳам асосий учрашувда Азиз Ҳайдаров, Сардор Мирзаев ва Александр Гейнрих каби нисбатан «оғир» футболчиларни захирадан майдонга туширди.
Мураббий Фозил Мусаев, Темирхўжа Абдухолиқов ва Шерзод Аъзамов каби йигитларнинг асосий таркибда ҳаракатланишларини ҳазм қилолмайди, шекилли. Шу боис аслида омади юришмай, бир неча вазиятда гол уролмаган Хитой термасини омадлига чиқаряпти...
Муҳтарам мухлис! Юқорида айтганимиздек, бугун унча-мунча гап-сўз кўнглимизга сиғмайди. Шундай бўлсада, кўнглимиздагини ёздик. Билингки, ватанимиз футболи ва унинг шаъни бугунги ўйин натижасидан юксакроқдир.
Футболимиз шу биргина ўйин натижасига қараб қолмаган. Футболчилар ўзлари исташса, марҳамат, ғалаба қозонишсин ва шунга яраша олқиш олишсин. Нима бўлган тақдирда ҳам, мазкур ўйин асаббузарликлар, депсинишлар интиҳоси ва янгиланиш ибтидоси сифатида тарихга муҳрланади. Саломат бўлинг!
OTGAN OYINDAN LAVXA BU GAL GALABA KUTAMIZ